Бош саҳифа / Янгиликлар / Нозик масала устида вазмин бўлишимиз керак
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Нозик масала устида вазмин бўлишимиз керак

Хеч кимга сир эмаски, Андижон вилояти аҳоли зичлиги жиҳатидан мамлакатимизда олдинги ўринларда туради ва бу ўз-ўзидан айнан уй-жой масаласида анча қийинчиликлар келтириб чиқаради. Вилоятда ҳокимдан тортиб, қурилиш ташкилотларининг раҳбарларигача шу масалани долзарб ҳисоблаётганидан, айтиш жоизки, ойма-ой, кунма-кун муаммолар ҳал этиб борилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Муаммога очиқ кўз билан қарайлик: вилоятда уй-жойга муҳтож оилаларнинг эҳтиёжини бирданига қоплаб бериш мумкин эмас. “Боғишамол” ҳудудида қисқа муддатда катта маҳалла бунёд этилди. Унга мингдан зиёд хонадон кўчиб кирди. Эртанги кунни ўйлаб, аниқ режа ва пухта ечим билан иш тутиш тақозо этилишини ҳамма кўрди, билди.

     Шундай паллада “журналист” Каримберди Тўрамурод Андижон шаҳрига келиб, “Тахтакўприк” маҳалласида бундан роппа-роса 28 йил аввал қурилган мадраса (масжид эмас - муаллиф) бўйича “журналистик суриштирув” ўтказди. Мана шу ўринда масалага аниқлик киритмоқ даркор. 1991 йилда шу маҳаллада яшовчи Отахонов Салоҳиддиннинг (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) амакиси - Саудия Арабистонида яшовчи Маҳсум ака томонидан юборилган маблағ эвазига мадраса қурилиши бошланган. Катта иморат бунёд этилган, мусулмонлар ибодат амалларини адо этишга ҳам киришганлар. Бироқ мадраса деб бунёд этилган муҳташам бинодан масжид сифатида фойдаланиш учун зарур ҳужжатлар талаб қилинар эди. Орадан кўп ўтмай давлат томонидан диний муассасаларни, жумладан масжидларни рўйхатдан ўтказиш чоғида белгиланган тартиб-таомиллар етарли яратилмаганлиги боис, мазкур маҳалла масжиди аҳоли учун бошқа мақсадда фойдаланилиши маъқул, деб топилди. Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги томонидан муслим ва муслималарни Ҳаж сафарига юбориш маркази ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди. Бу ният амалга ошмай қолди. Аввалига мадраса биноси Ногиронлар жамиятининг тасарруфида турди. Сўнгра рўйхатдан ўтмаган масжидларни кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим-есирлари бор оилаларга уй-жой қилиб бериш юзасидан бошланган ҳайрли ҳаракат туфайли бу даргоҳ ҳам шу мақсадга йўналтирилди. Уй-жой қуришга қурби етмайдиган, яшаш шароити ниҳоятда оғир оилаларнинг вакилларини, диндорларимиз ибораси билан айтганда, Оллоҳнинг уйига киритиш улуғ савоб эканлигини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Каримберди Тўрамуроднинг материалида ўшандай оилаларнинг эгалари ўзлари айтиб туришибди – иложсизлик, турмуш қийинчиликлари туфайли шу ердан паноҳ топдилар. Хўп, уларни бу ерга жойлаштириб, муаммоларини бироз бўлса-да енгиллатишга ҳаракат қилган ҳокимлик вакилларида нима айб?! Қолаверса, бир хонадонда яшаётган икки-уч оила аъзоларининг ювиниши, ётиши хусусида очиқ-ойдин сўз юритиб, ахлоқий масалаларга ҳам “от чоптириб” юборишни қандай изоҳлаш мумкин?! Маҳалла посбонини, профилактика инспекторини саволга тутиб, айнан бадахлоқ иллатлар хусусида суриштириш учун андиша кўчасидан бориш лозим. Шундай эмасми? Муқаддас Рамазон ойида нафақат қўлимиз билан, балки бир-биримизга тилимиз билан ҳам ниҳоятда эҳтиёткор муносабатда бўлишимиз зарурлигини англамоқ жоиз. Фикримиз шундай: масжиддан қўним топган оилалар вакилларининг яшаш шароитини таҳлил этганда, Андижон шаҳрида жумладан, “Тахтакўприк” маҳалласида ҳам уй-жой таъминоти масаласи ўта тиғиз эканлигини унутмаслик керак. Маҳалла аҳли учун масжид очиб бериш – бу алоҳида масала. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунида белгиланганидек: “Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин”. Демак масжид ёки мадраса очиш учун ҳам юқори диний ташкилотларга эмас, Адлия органларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Шов-шув кўтарилган видеолавҳада мухбир муаммони фақат диний идоралар зиммасига юкламоқчи бўлаётганлиги касбий нуқтаи назардан ҳам қонун талаби юзасидан ҳам ўзини оқламайди. Ўзини журналист деб атаётган материал муаллифи вазиятни тўлиқроқ ўрганиб, бу ерда масжид ёки мадраса бўлганини аниқлаб, масжид ва мадрасаларга алоҳида-алоҳида талаблар мавжудлигига эътибор қаратганида анча дуруст бўлар эди. Муаммоларни бир-бирига қарама-қарши кўйиш, “униси яхши, буниси ёмон” дея кескин хулоса чиқаришнинг оқибати яхши бўлмайди, ахир. Масжидни дарҳол бўшатиб, бу ерда вақтинча яшаётган оилаларни, уларнинг болаларини кўчага чиқариб қўйишдан не наф?!


Охирги ўзгариш: 06/05/2019 22:20 Кўрилганлиги: 3806
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 176
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг